Payshanba, 21.11.2024, 23:03

Приветствую Вас Mehmon | RSS

Главная » 2014 » Yanvar » 7 » “ОНАМНИ... ЎЛАЁТГАНИДА ТАНИДИМ”
11:01
“ОНАМНИ... ЎЛАЁТГАНИДА ТАНИДИМ”
Ўзбекойим ҳузурига чамаси эллик ёшлардаги аёл кириб келди. У ёшларга ибрат бўладиган ҳикояни, яъни ўз онасининг тақдирини сўзлаб бермоқчи эканлигини айтди.

— Ҳаётимдаги бу кечмишлар ҳақида овозаи дарвоза қилиш менга бироз ноўнғай. Аммо сиз билан дардлашсам, бироз таскин топарман, — дейди исмини сир тутишимизни истаган суҳбатдошимиз. — “Ота-оналарнинг айби учун фарзандлар жавобгар бўлмайдилар”. Қаердадир ўқиб қолган бу жумлалар гўё ҳаётим шиорига айлангандек. Болалар уйида ўсганман. Туғилишим билан, тўққиз ой қорнида кўтариб юрган онамдан ажратишган. Аммо нолимайман. Бу Худога ёқмайди. Шукрки, она меҳридан, гарчи тўймаган бўлсам-да, маълум вақт баҳра олдим. Раҳматли онам ўзига тўқ хонадон қизи бўлган. Боз устига, ота-онам турмуш қургач, кеч фарзанд кўргани боис у жуда тантиқ, эрка ўсган. Айтгани-айтган, дегани-деганда муҳайё қилинганига ҳам сабаб шу. Аммо папалаб ўстирган қизи вақти келиб ота-она юзини шувит қилиши бобом ва бувимнинг хаёлига ҳам келмаган. Институтда ўқиб юрган онам бойлиги ва гўзаллигидан, — тан оламан: онам ростдан ҳам чиройли эди, чунки қариган чоғида ҳам қошидан ўсма, кўзидан сурма аримаган, — жуда мағрурланиб яшаган. Эҳтимол ана шу мағрурлик унинг ҳаётидаги хато бурилишга сабаб бўлгандир. Балки унинг тақдири шундай битилгандир. Ортидан юрган ошиқу беқарор йигитларнинг сон-саноғи бўлмагани ҳам рост,менимча. Аммо у танлаган севгилиси бир кун ташлаб кетишини қаёқдан ҳам билсин. Онамнинг пулига, гўзаллигига учиб қармоғига илинтиргану, ўз фойдасини кўриб юраверган у қасамхўр, — аёл асабийлашиб кетаётганини сезиб, ўзини яна қўлга олди. — Жиҳозланган икки хонали уйда бир ўзи қироличалардек яшаётган қизни қўлдан чиқариб бўладими? Боз устига, қўлида жарақ-жарақ пул. Аммо қани энди бу мол-дунё онамнинг юзидаги доғни юва олса. “Ошиқ”лик сувини симирмай ичган “шоввоз” талабаликнинг охирги босқичларида қилғиликлари шармандали тус олгач, изсиз йўқолган. Онам эса аросатда: ҳомиласидан воз кечишни ҳам, уни асраб қолишни ҳам билмайди. Дилидагини бировга айтолмай, уч ойни ўтказган. Ўзини ўзи ич-ичидан кемирган. Тўқликка шўхликнинг оқибати бу, деганди менга. Худо ҳам зинога юрганларни ана шу тахлит шарманда қилади. Аммо қай юз билан уйга қайтади? Ота-онасига бу ҳақда қандай сўз очсин? Ўлгани яхши эмасми? Юрагини кемирган бу саволлар гирибонидан бўғаётганида қатъий қарор қилган: ҳаммасини ошкор айтади. Ё ҳаёт, ё мамот.
Ҳорғинликданми ёки илк ҳомиладорликнинг таъсириданми, ранги ўчиб ота уйига кириб борган. Уйда яхшиямки, фақат онаси бор. Қизининг авзойини кўриб она ваҳимада.
— Нима гап, тинчликми? Тобинг йўқми? — онасининг кетма-кет берган саволларигада жавоб қайтаришга мажоли бўлмаган қизнинг. Ўзини онаси кўксига отиб, ҳўнграб йиғлаб юборган.
— Онажон, мени кечиринг. Кечи-и-и-ри-нг...
Онанинг ҳоли афтода. Нега қизи бу кўйга тушди? Нима учун кечирим сўраяпти? Эхтимол бувим бу саволларга тезроқ жавоб олишни истагандир, лекин у аввал қизини юпатган.
Аммо... Икки кун ўтиб барчасидан воқиф бувим тирик мурдага айланган гўё. Энди нима қила олади? Бу иснодга қандай чидайди? Отасига-чи? Отасига нима дейди? Минг хил саволлар, лекин жавоб йўқ. Нима қилиш керак? Одамлар билса, иснод. Минг бор қарор қилишди, аммо уларни бажаришга журъат керак. Ими-жимида йўқ қилмоқчи ҳам бўлишган. Кейин-чи? Унинг уволи-чи?
Оёғи куйган товуқдек, патирлаб она ва қиз кунни кеч қилишган. Ҳадемай ота ҳам ишдан қайтади. Юрак ҳовучлаб туришганида, бобом кириб келган. Қизини кўриб ўзида йўқ хурсанд. Ҳеч бир хабарсиз, кутилмаганда келган қизини бироз койиган ҳам. Аммо негадир она ва қизнинг аҳволи бир нави.
— Тинчликми? — бувим бобомнинг илк сўроғиданоқ дудуқланиб қолган экан. Лекин сир бой бергани йўқ. Кейин ётиғи билан тушунтирмоқчи бўлган.
Хуллас, ота-она ўз ётоғига киргач, бувим секин гап бошлаган. Аммо барибир қизимиз никоҳсиз ҳомиладор бўлиб қолибди, дейиш осон эмас. Ота барибир ота-да! Бу юзи қароликни қабул қилмаслиги аниқ. Аммо ундан яширишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шу боис каловлана-каловлана бувим ҳаммасини очиқ-ойдин бобомга айтган. Онамнинг айтишича, ўша куни бу хонадонда қиёмат қўпган. Раҳматли онамнинг айтишича бобом, бу иснодга чидагандан кўра, бўғзингдан пичоқ тортиб, фарзанд доғида куйганим яхши, деб ташланган экан. Аммо дод-вой муаммога ҳеч қачон ечим бўлолмаган, бўлмайди ҳам. Ақлни ишлатиб қарор қабул қилиш керак, холос. Ота қизидан воз кечган, она эса барибир оналигига бориб, қизини узоқ қишлоқда яшайдиган синглисиникига жўнатган.
— Туғиш вақтинг етгунча ўша ерда яшашинг керак, — деган бувим. — Сўнг пойтахтга олиб бориб, туғдирамиз ва болани “детдом”га топширамиз.
Гарчи ташлаган қалтис қадамлари меваси — қорнидагидан ва уни шу кўйга солган одамдан ҳарчанд нафратланмасин, ундан воз кечиш онам учун азобли бўлган. Аммо бошқа чораси ҳам йўқ. Минг гўрдан олиб, минг гўрга солган онаси уни тушунганига ҳам шукур қилиши керак бўлган аслида. Бобом эса ҳаммасини юрагига олиб хасталик орттирган. У тўшакда бир нуқтага термилиб ётишдан бошқасига яроқсиз аҳволда. Шундай салобатли одамнинг бирданига бу аҳволга тушганига ҳамма ҳайрон. Аммо ёпиқли қозон ёпиқлигича қолган.
Ҳомиланинг дунёга келиш вақти ҳам етди. Тўққизинчи ойга ўтиши замоно бувим онамни шаҳар туғуруқхонасига олиб кетган. Шифокорлар ўзининг туғиши хавфли эканини таъкидлашган. Ниҳоят кесерво йўли билан бола дунёга келибди. Операциядан чиқиб, ўзига келган онам қиз чақалоқ кўрганини эшитган. Ўзининг боласи дунёга келганидан қанчалик қувонган бўлса, маълум вақт ўтиб уни ўз розилиги билан “детдом”га топширишга мажбурлигидан ғамнок бўлибди... Аммо бувим қарорида қатъий тургану, чақалоқ “детдом”га бериш учун расмийлаштирилган.
Шу воқеадан бир йил ўтиб бобом сил касалидан қазо қилган, бувим эса беш йил ўтиб оламдан ўтган. Тирик ва тўрт мучаси соғ чақалоғини ёт-бегоналар қўлига топширган онам эса ўша изтиробли хотиралари билан ёлғиз қолиб, бошқа турмуш қурмаган экан.
Бир куни мен тарбияланаётган болалар уйининг бошлиғи — раҳбар опача (тарбияланувчиларнинг ҳаммаси уни шундай аташарди) хонасига чақирди. Хонада раҳбар опача, муштипаргина бир аёл ва тарбиячимдан бўлак ҳеч ким йўқ. Эшикдан киришим билан ўша меҳмон аёлнинг нигоҳи менга ташналик билан боқди. Унинг кўзида алланечук айбдорлик, афсус ва надомат қалқиб турганди гўё. Унинг мақсади менга қоронғи бўлса-да, негадир юрагим гупурди. Бутун вужудимда қандайдир қўрқинчми, хавотир. Ахир ҳадемай бу маскандан янги ҳаёт йўлига учирма бўлиш ёшидаман. Ҳамма нарсага ақлим етади. Негадир айнан шу аёл менинг “эгам” бўлиб чиқишини юракдан истамаётгандим. Аёл ҳам менга узоқ тикилиб турди-да, кўзига қалқиган ёшни яширмоқ учун бўлса керак, бошини қуйи солди.
— Яхшимисан, қизим? — орадаги сукунатни раҳбар опача бўлди. — Соғлигинг тузукми? Машғулотларга боряпсанми? (Болалар уйида қобилиятимизга қараб машғулотларга қатнардик. Мен расм чизардим.)
— Ҳа, опача, ҳаммасига боряпман.
— Маладес, — опачамиз яна қувноқлик билан мени ёнига чорлади. Одатий эркалашлар билан ким бўлмоқчисан, қаерда ишлашни хоҳлайсан, дея саволлар берди. Иккаламизнинг бу муносабатимизни кузатиб турган тарбиячи шундай болаларни тарбиялаётганидан фахрланган бўлса, меҳмон аёл дув-дув кўз ёш тўкарди. Менга қоронғу, эҳтимол у шундай боладан кечиб гуноҳга ботганидан афсуслангандир ўшанда. Балки бегоналар берган меҳрни ўзи улаша олмаганидан азоблангандир. Қилган гуноҳи учун бир умрлик азобга гирифтор бўлгани уни қийнагандир эҳтимол. Чунки у бошқа фарзанд кўролмас экан. Ўша илк туғиш давридан қолган асорат сабаб бунга. Бу ҳақда қачон эшитдим, биласизми? Ўша — менга меҳр берган, мен учун қадрли бўлган, мени паноҳида тарбиялаган, оқ ювиб, оқ тараган, ширингина таомлар билан сийлаган болалар уйини тарк этиб, меҳмон аёл фарзанд қилиб уйига олиб кетганида эшитдим.
Нега бу гапларни айтаётганимни тушунгандирсиз. Сизга ишончсиз туюлар, аммо Худога чин. Ўша — мени 18 ёшимда болалар уйидан фарзанд қилиб олиб тарбиялаган аёл ҳақиқий онам. Ўша — беникоҳ, шармандаларча бунёд бўлган, бувисининг қистови билан онасидан ажратилган бола, бегуноҳ чақалоқ эса менман. Бу ҳақда эшитган куним ахволимни тасаввур қилаверинг.
— Болам, юрагимни кемириб ётган бир сирни сенга айтмай кетолмайман. Мен сенинг ҳақиқий онангман. Аммо буни айтиш менга жуда оғир. Негаки, Худога шак келтириб, фарзандидан воз кечган аёлнинг оналикка даъво қилишга ҳаққи йўқ. Мени... кечиролсанг, кечир...
Онам ҳам бобом каби сил билан хасталаниб, ўлим тўшагига михланганида айтган ҳаммасини. Аммо... кеч эди барчасига. Энди ҳақиқий она меҳрини туйиш бахти насиб этганида яна муштоқлик чекимга тушди. Муштипарим вафот этди.
Онамни бу ҳаёт тизгини учун айблолмайман. У фақатгина ёлғон севги қурбони. Мен учун муҳими, у неча йиллар давомида боласини излаб сарсари кезган, бошқа ҳаёт йўлини ўзига лозим кўрмаган. Тақдирдан фақат мени учратишини сўраб ёлворган. Худога шукр, ҳақиқий онам кимлигини билдим. Аммо отамни излашни ҳам, у ҳақда эшитишни ҳам истамайман. Унинг онамга берган озорлари менинг ҳаётимга ҳам соя солгани учун! Худога шукур, ҳозир бахтлиман. Негаки, онам тириклигида қўшнимизнинг ўғлига турмушга чиқишим учун розилик берган экан. Ёшим 30 га яқинлашганда оила қурган бўлсам-да, Худо мени ёрлақади. Бирданига эгизак фарзанд кўрдим. Турмуш ўртоғим ҳам яхши инсон. Шунисига ҳам шукр. Ҳозир ўша ҳовлида, бобом ва бувимдан қолган мерос уйда уларнинг руҳига тиловат қилиб яшаяпман. Айтмоқчи бўлганим, ўсмир ёшидаги йигит-қизлар қалтис қадам ташлашмасин. Уларнинг ўткинчи ҳою-ҳаваси бир неча бегуноҳ фарзандларнинг бўйнига етимлик тамғасини босиши мумкин!
Категория: SmS Ibratli So'zlar | Просмотров: 869 | Добавил: Admin | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]