Shanba, 23.11.2024, 16:35

Приветствую Вас Mehmon | RSS

Главная » 2014 » Fevral » 16 » Шоҳруҳхонга қойил! Концерт ажойиб ўтди
12:50
Шоҳруҳхонга қойил! Концерт ажойиб ўтди
Кетма-кет хит қўшиқлари билан муҳлисларига завқ улашувчи ёқимтой хонанда Шоҳруҳхоннинг "Сен кетма” номли концерт дастури чинакам байрамга айланди.
Чиндан ҳам бугун "Истиқлол” санъат саройига ташриф буюрганлар ҳақиқий, катта шоу томошанинг гувоҳи бўлишди. Хонанда қўшиқ ижро этаётганда беиҳтиёр ҳаракатга тушиб кетасиз, сабаби ҳар наводан, ҳар садодан шодликнинг нафаси таралди.

Концерт дастури бошланиши билан Шоҳруҳхон аввалги интервьюларида ваъда берганидек Ватанимизни тараннум этувчи таронани тақдим этди. Мазкур қўшиқ томошабинларга илиқ туйғуларни бағишлади. Ахир Она юрт ҳақида қўшиқ янграётганда ҳар бир қалб янада кўпроқ меҳрни туя бошлайди.

Концертда санъаткорнинг хит бўлган ва бир нечта янги қўшиқлари жаранг сочди. Бирин кетин дуэтлар ижро этилди. Муниса Ризаева билан биргаликда куйланган дуэт олқишлар билан қарши олинди. Айниқса Жаҳонгир Позилжонов саҳнага чиққач, антиқа либосларида рақсга тушиб, Шоҳруҳхон билан биргаликда қўшиқ куйлаганда шодон хайқириқларнинг кети узилмади. Эстрадамизнинг ёрқин юлдузлари бўлмиш Лола ҳамда Шаҳзода билан ҳам биргаликда дуэт қўшиқлар ижро этилиб, томошабинларга олам олам қувонч ҳадя этилди. Турли туман рақс томошалари, Алишер Узоқовнинг шеърий монологи, катта экранлардан иборат декорация, таниқли санъаткорлар ташрифи, фан клуб аъзоларининг қўллаб қувватлаши, томошабинлар томонидан тақдим этилган сонсиз чироқлар, буларнинг бари концерт дастурига янада файз бағишлади.

Концертда нафақат хушчақчақ онлар, балки инсон кўзларига ёш келтирадиган таъсирли лаҳзалардан ҳам баҳраманд бўлдик. Шоҳруҳхон қўлларига катта гулдастани кўтариб олган ҳолда волидаи муҳтармасига бағишлаб қўшиқ ижро этишни бошлади, сўнг саҳнанинг ўнг томонидан қўлда гулдаста билан яна бир йигит кўриниб, хонанданинг таронасига жўр бўлди. Қарангки бир неча сониялардан кейин саҳнанинг чап томонидан гулдаста кўтариб олган яна бир йигитни кўрдик. У ҳам ана шу қўшиқни тўлдириб куйлай бошлади. Уч ака уканинг қўлдаги гулдаста билан дунёдаги энг азиз, энг меҳрибон инсонига атаб қўшиқ куйлаши ва мўътабар зот қошида тиз чукиши залнинг биринчи қаторида ўтирган онага тенгсиз бахт бағишлаганини кўриб жуда таъсирланиб кетдик. Концерт мана шундай дилларни шод этувчи онларга бой бўлди.

Шоҳруҳхонинг саҳнада ўзини тутиши, хатти ҳаракатлари, юз ифодаси, тўғриси ўзига жуда ярашиб туради. Унга ҳар қарагнингизда кўзларингиз қувониб кетади. У бугун шунчаки қўшиқлар ижро этгани йўқ. У шунчаки рақсга тушмади. Шунчаки концерт дастури ўтказмади... Шоҳруҳхон бугун ўз иқтидори, меҳр муҳаббати билан юракларга чексиз севинч улашди. У бугун томошабинларга қалбининг бир бўлагини тақдим этди. У чин кўнгилдан куйлади.

Ҳаётнинг яна бир гўзал, яна бир хушнуд томонини намоён эта олган Шоҳруҳхонга ушбу ёрқин таассуротлар учун миннатдорчилик билдирамиз!
Категория: SmS Shou-Biznes | Просмотров: 756 | Добавил: akmal | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]