Тупроғи зар – шоҳона юртим, Халқи учун – кошона юртим. Улуғ мадҳинг кўйлагим келди, Ўтмишингга бўйлагим келди. Номи учмас достонларинг бор, Дунё бўйлаб сўйлагим келди. Азим юртсан – асл бўстонсан, Мустақил юрт – Ўзбекистонсан!
Номи улуғ, номи мунаввар, Руйи замин гўлбоғи ўзинг. Оллоҳ ўзи назар солган юрт, Илму урфон учоғи ўзинг. Даҳоларга макон бўлган юрт, Донишлардек улуғдир сўзинг. Жонларга жон – улуғ маконсан, Мустақил юрт – Ўзбекистонсан!
Ҳар жанглардан мардона ўтган, Туронини кафтида тутган. Темур номли буюк Жахонгир, Еру кўкни ларзага солди. Кўз кўрмаган бундай баҳодир, Шиддатидан ҳайратда қолди. Сеҳри бесёр – донғи жахонсан, Мустақил юрт – Ўзбекистонсан!
Буюк мунажжим - фан даҳоси, Элнинг ўлмас ёрқин сиймоси. Улуғбек само ўзра боқиб, Сенда юлдуз жадвалин тузди. Барчани лол қолдириб асар, Дунё бўйлаб кемадек сузди, Сенга фидо – жонларга жонсан, Мустақил юрт – Ўзбекистонсан!
Ҳар сўзлари жонлар даъвоси, Элимнинг энг зўр алломаси. Табобатнинг буюк ҳакими, Ибн Сино ҳам бағрингда ўсди. Оламни лол қолдириб у ҳам, “Тиб қонуни” асарин тузди. Меҳри дарё - бағри осмонсан, Мустақил юрт – Ўзбекистонсан!
Довруғингни таратган аждод, Темурбекдек буюк одамзод. Мирзо Бобур қиличин олиб, Хиндийгача забт этиб борди. Тожмаҳални битиб авлоди, Жахон ахлин юрагин ёрди. Халқинг учун - марду майдонсан, Мустақил юрт – Ўзбекистонсан!
Ўзбегимнинг оташ забони, Ғазал мулкин мангу султони. Мир Алишер ҳамсасин битиб, Беш қитъани титратди дир – дир. Замин ахли жунбушга келиб, Бундайини кўрмаган ҳеч бир. Душманга ёв – дўстга мезбонсан, Мустақил юрт – Ўзбекистонсан!
Ал – Бухорий, Аҳмад Яссавий, Фаробий-ю, Мавлоно Лутфий. Бундай зотлар бисёрдир бирам, Ёзолмайман тўлиқ мужассам. Барчасини тилга олсам ҳам, Камлик қилар иқтидорим ҳам. Номи ўчмас – мангу достонсан, Мустақил юрт – Ўзбекистонсан!
Она юртим, жон таним ўзинг, Олтин маскан маржоним ўзинг. Менинг азим Ватаним ўзинг, Номи улуғ гулшаним ўзинг. Оллоҳ ўзи қўлласин мудом, Ёруғ бўлсин ҳамиша ўзинг. Менинг учун – жаннатмаконсан, Мустақил юрт – Ўзбекистонсан!
|